Ссылки доступа

Атамбаев: Тожикистон билан чегараларнинг ярми белгилаб бўлинган


«Агар Раҳмонга (ТР президенти Эмомали Раҳмон назарда тутилмоқда – таҳририят) беъмани маслаҳатлар беришмаганида, Тожикистон билан чегаралар аллақачон тўла белгиланган бўларди», - деди Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев якуний матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига қараганда, бугунги кунда Тожикистон билан чегараларнинг ярми белгилаб бўлинган. «Биз қолган 50 фоизини ҳам белгилаб олишга тайёр эдик. Лекин бизнинг битта шартимиз бор эди, яъни чегараларнинг қолган иккинчи ярмини ҳам худди биринчи ярмини аниқлаб олганимиздагидек шартларга кўра белгилаб олиш. Агар Тожикистон президентига чегараларнинг қолган участкаларини бошқа принциплар бўйича белгилаш лозим қабилидаги кераксиз маслаҳатлар беришмаганида, шундай бўларди ҳам», - деди у.

«Буёғи худди костюмнинг бир енги бир рангда, иккинчиси эса бошқа рангда бўлишига ўхшаб қолди. Бу нотўғри. 1925-1926 йиллардаги ҳужжатлардан келиб чиқиш керак, деб айта бошлашди. Шунда мен 1923-1924 йиллардаги ҳужжатларга қарашни маслаҳат бердим. Ўшанда, Тожикистон умуман йўқ эди ҳам. Бу, албатта, ачинарли бир ҳолат», - деб қўшимча қилди Атамбаев.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегараларнинг умумий узунлиги 971 км ни ташкил қилади, шундан 471 километри баҳслилигича қолмоқда. Икки мамлакат чегараларида 70 га яқин баҳсли ҳудудлар бор.

XS
SM
MD
LG