Ссылки доступа

Қозоғистон парламенти раҳбарияти Атамбаевнинг сўзларини “маъсулиятсизлик” дея атади


Қозоғистон парламенти мажилиси раиси Нурлан Нигматулин Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг бугун Бишкекдаги қароргиҳида бўлиб ўтган якуний матбуот анжуманида билдирган фикрларини “маъсулиятсиз ва популистик” дея атади.

Нигматулиннинг айтишича, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбаевчалик «ҳеч ким Қирғизистон халқини қўллаб қувватламаган ва ёрдам бермаган».

«Қирғизистон халқи Қозоғистон етакчисига ҳамиша илиқ ва миннадорчилик билан муносабатда бўлганини биламиз. Шу сабабли Атамбаевнинг популистик ва маъсулиятсизлик билан айтган “қуруқ” гаплари халқларимизнинг биродарлик муносабатларига зиён етказа олмайди», — деди Нигматулин.

«Атамбаевнинг ўзига келадиган бўлсак, ҳаммага маълумки, ўзининг президентлик йилларида бирорта ҳам соҳада, ҳоҳ сиёсат, ҳоҳ иқтисод бўлсин ижобий самарага эриша олмади. Кетар чоғида сиёсий ва ички маданияти мутлақо йўқлигини намойиш қилди», — дея баёнот берди Қозоғистон парламенти қуйи палатаси раиси Нигматулин.

20 ноябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида лавозимини тарк этаётган Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Россия раҳбари Владимир Путиндан “Қирғизистон-Қозоғистон инқирози”га аралашишни сўраганини маълум қилди. Қозоғистон билан чегарадаги вазият тўғрисида гапирган Атамбаев яна бир бор “қамал” сўзини ишлатди. Шу билан бирга у қўшниларга “келажак учун яхшигина сабоқ бериб қўйганидан” афсусланмаслигини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG