Ссылки доступа

Россия, Туркия ва Эрон Сурия бўйича Келишув имзолади (видео)


Россия, Туркия ва Эрон Суриядаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган Келишувни имзолашди. Ҳужжат Суриядаги мажороларни тинч йўллар билан барқарорлаштириш доирасида Россия, Туркия ва Эроннинг истиқболдаги ҳамкорлигини белгилаб беради.

Сочида 22 ноябрь куни бўлиб ўтган уч томонлама саммитдан сўнг матбуот анжумани ўтказган Россия президенти Владимир Путин уч мамлакат етакчилари ўзларининг хавфсизлик, мудофаа ва дипломатларига Сурия Халқлари Конгрессини ташкиллаштириш борасида ишлашни топширганликларини айтди.

Эрон президенти Ҳасан Роухани баёнот бериб, Конгресс Сурия янги конституциясини ишлаб чиқишга ёрдам беришини таъкидлади. Айнан мана шу ҳужжат асосида мамлакатда сайловлар бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Туркия президенти Режеп Эрдоған Суриядаги муҳтожларга узлуксиз равишда инсонпарварлик ёрдамларини етказиш йўлга қўйилишини таъкидлади.

Россия 2015 йилнинг сентябридан Сурияда ҳарбий амалиёт ўтказиб келади. Унинг расмий мақсади –терроризмга қарши кураш. 2017 йил бошидан бери, Reuters агентлигининг маълум қилишича, Сурияда россиялик ҳарбий хизматчи ва хусусий ҳарбий мутахассиларнинг камида 40 нафари ҳалок бўлган. Туркия ва Эрон раҳбарлари билан учрашишдлан аввал Путин тез орада Россия Суриядаги ҳарбий амалиётини тугатиши ва “сиёсий жараёнлар”га ўтиши ҳақида баёнот берган эди.

Ғарб мамлакатлари бир неча бор, Россия ҳарбий амалиёти Башар Асад режимини қўллаб-қувватлаш ва қуролли мухолифатга қарши курашда Кремлни айблаб келган эди. Москва ва Дамашқнинг биргаликдаги амалиётлари оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG