Ссылки доступа

Ўзбекистон ва Корея ўртасида деярли 9 миллиард долларлик шартномалар имзоланди


Президент Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифининг биринчи кунида 8 миллиард 940 миллион долларлик шартнома имзоланди, деб хабар берди президент ташрифини ёритиш бўйича матбуот маркази.

Хабарга кўра, 75 та шартнома имзоланди. Эришилган шартномаларнинг 2,95 миллиард доллари энергетика ва нефтгазкимёси, 2,7 миллиард доллари банк-молия, 1,7 миллиард доллари қурилиш ва инфраструктурани ривожлантириш соҳаларига таалуқли.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, "Олмалиқ КМК" ва Ноёб металлар Корея институти (KIRAM) илм-фан, технология ва инновация соҳасидаги ҳамкорлиги бўйича "йўл харитаси" имзоланди. Корея персонални ривожлантириш институти ва Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланган, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОIСА) ва Ўзбекистон Республикаси инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси ўртасида 2018-2019 йиллар учун ҳамкорлик дастурини амалга ошириш тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Жанубий Корея Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторларидан ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистгон ҳудудида Корея капитали асосида 461 корхона ишламоқда. 2017 йилнинг январь-октябрь ойлари якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 1 миллиард 100 миллион долларга етган. Расмий маълумотга қараганда, бу ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 1,3 маротабага кўпдир.

Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга бўлган давлат ташрифи 25 ноябргача давом этади.

XS
SM
MD
LG