Ссылки доступа

Туркманистон: ўқитувчилар ва аскарлар пахтанинг кечки ҳосилини тераяпти


Азатлиқ радиоси манбаларининг хабарларига кўра, ҳозирги вақтда давлат муассасалари ва корхонларининг ходимларини пахта теримига жалб қилишмоқда. Туркманистон жорий йилда 1 миллион 50 минг тонна пахта теришни режалаштираяпти.

Исмини ошкор қилмаслик шартига биноан Азатлиқ билан суҳбатлашган, Ахал вилояти Руҳобод туманидаги ўқитувчининг сўзларига қараганда, августнинг охиридан бошлаб, маҳаллий мактабларнинг ўқитувчиларини ҳар ҳафтада пахта теришга мажбурлашмоқда.

"Дам олиш кунларидан сўнг, мактаб директорига 60 кг пахта топширганлик ҳақида маълумотнома тақдим қилиш зарур. Бусиз ҳам ўқитувчиларда юклама кўп: дарсдан кейин дафтар текшириш, режа тузиш ва дарсга тайёргарлик кўриш керак, оилавий ташвишлар ҳам бор. Дам олиш кунларини пахта теримида ўтказиш жуда қийин бўлаяпти ", - деди мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлаётган аёл.

Азатлиқ суҳбатдошларининг сўзларига қараганда, ўзлари пахта тера олмайдиган ўқитувчилар, ўзлариниг ўрнига ишчилар ёллаш ва уларнинг хизматига ҳақ тўлашга мажбур бўлмоқда. Ёлланма пахта терувчи хизматларининг ўртача нархи 10 манат(2.85 доллар)ни ташкил қилади.

"Ёлланиб ишлайдиганларга кетадиган харажатларни камайтириш мақсадида, баъзилар бевосита мактаб директорининг ўзига пул бераяпти. 20 манат учун мактаб директори пахтага чиқишни қаттиқ талаб қилмайди", - деб тасдиқлайди, Азатлиқнинг яна бир суҳбатдоши. Бу аёлнинг сўзларига қараганда, ўқитувчиларнинг аксарияти, ишдан бўшатиб юборишларидан қўрқиб, мактаб раҳбариятининг талабларини сўзсиз бажаришни маъқул кўради.

Азатлиқнинг Туркманистондаги манбалари хабар беришича, шу кунларда Ахал вилоятининг пахта далаларида пахта тераётган аскарларни ҳам учратиш мумкин. Булар Ашхободдаги ва пойтахт атрофидаги ҳарбий қисмларнинг хизматчиларидир. Аскарлар учун пахта териш режаси бир кунда 60 килограммни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG