Ссылки доступа

Мирзиёев муштумзўр раҳбарларни жазолашни ваъда қилди, лекин улар жазосиз қолмоқда (видео)


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев муштумзўрлик давлат сиёсатига қарши экани, ўз ходимларига қўл кўтарадиган раҳбарлар жазосиз қолмаслиги ҳақида гапирган эса-да¸ лекин суриштирувлар раҳбарларнинг амалда ҳамон жазосиз қолаëтганини кўрсатди.

Президент Мирзиёев 15 ноябрь куни ўтказилган ҳукумат мажлисида амалдорларнинг муштумзўрлиги ва сўконғичлиги давлат сиёсатига, президент сиёсатига қарши чиқиш деб баҳоланишини айтган эди.​

"Гуруч кўрмаксиз бўлмайди деганларидек¸ ўз масъулиятини унутиб, оёғи ердан узилган, мен раҳбарман¸ нима қилсам ҳам меники тўғри¸ деган хато фикр билан ғўдайиб юрган айрим одамлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг ўз хизмат лавозимларини суитеъмол қилиб, қўл остидаги ходимларга қўпол муносабатда бўлаётгани, ҳақорат қилиб, ҳатто қўл кўтараётгани ҳақида бизга кўплаб маълумотлар келиб тушмоқда. Бу бизга умуман номаъқул нарса. Бу иллатни йўқ қилиш керак", - деганди Мирзиёев.

​Бироқ, бунга қарамай, сўконғичлиги ва уронғичлиги жамоатчиликка фош бўлган ҳоким ва раҳбарларнинг амалда ҳамон жазосиз қолаëтганини кўрсатди. Озодлик мухбири тумандаги мактаб директорларни калтаклаш билан ном чиқарган Сирдарë вилояти Сайхунобод туман ҳокими Носиржон Эгамбердиевга мурожаат қилганида ҳоким суҳбатдан ўзини олиб қочди.

Суҳбат бошида ўзининг Сайхунобод ҳокими Носиржон Эгамбердиев эканини тасдиқлаган шахс саволни эшитиши билан: “Кечирасиз, сиз бошқа жойга тушдингиз”, - деб қўл телефонини ўчириб қўйди. Айни рақамга кун давомида қилинган қўнғироқлар жавобсиз қолди.

Сирдарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Ортиқ Султонов бу юзадан шундай изоҳ берди: "Пахта тугагани йўқ-да ҳали. Вилоят ҳокими унинг ишини пахта теримидан сўнг кўриб чиқилишини айтганди. Носиржон Маҳмудович ҳозир ҳам ҳоким вазифасида. Уни кейинги тақдири нима бўлишини тепадагилар билмаса, мен билмайман", - деди Ортиқ Султонов.

Тошкент вилояти Паркент туман ҳокими Неъматулла Абдуллаев 1 ноябрь куни ўтказган йиғилишда пахта теримига кам одам чиқарган раҳбарларни ҳақорат қилаётгани ёзилган 45 минутлик аудиофайл Озодлик таҳририятига келиб тушган эди. У ҳалигача ўз лавозимида ишламоқда.

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев бир ой аввал коллеж ва академик лицей директорларини таҳқирлаб, ҳақорат қилгани ёзиб олинган аудиофайлни Озодлик 21 ноябрь куни жамоатчиликка эълон қилди.

XS
SM
MD
LG