Ссылки доступа

Афғонистонда ИШИДнинг ўзбекистонлик қўмондони қўлга олинди


Афғонистондаги Жузжон вилоятининг Шибирғон шаҳрида ИШИДнинг ўзбекистонлик қўмондони Шерзод Анваров қўлга олинди. Бу хабарни тасдиқлаган Жузжон вилояти расмийсига кўра, Шерзод Анваров ўзбекистонлик 36 нафар жангарига раҳбарлик қилган.

Жузжон вилояти ҳокимлиги расмийcи Муҳаммад Ризо Ғаффорийнинг айтишича, Шибирғон шаҳрида ИШИДнинг ўзбекистонлик қўмондонларидан бири Шерзод Анваров қўлга олинган.

- Шерзод Анваров ИШИДнинг Жузжон вилоятидаги лидерларидан бири бўлган. У Шибирғон шаҳри марказида ҳукумат кучлари томонидан қўлга олинди. У тергов давомида ИШИДнин Жузжондаги қўмондонларидан бири эканлигини эътироф этди. Шерзод Анваров Шибирғондан ўтиб Марказий Осиё давлатларидан бирига кетмоқчи бўлган, лекин унинг қайси давлатга бормоқчи эканлиги ҳозирча аниқланмаган, – дейди ҳокимлик расмийси.

Муҳаммад Ризо Ғаффорийнинг айтишича, Жузжон вилоятида ИШИДнинг афғонистонлик ва ўзбекистонлик бўлган бир неча қўмондони бор.

- ИШИДнинг бу ердаги фаолиятига афғонистонлик Қори Ҳикмат, Муфти Неъмат ва 36 нафар ўзбекистонликка Шерзод Анваров раҳбарлик қилади. Шерзод Анваров сўнгги вақт ичида қўлга олинган учинчи шахсдир. Бундан олдин Бағлон ва Сангон вилоятларидан Муқим ва Хушмуҳаммад деган ИШИДчилар маҳллий полиция ходимлари томонидан қўлга олинган эди, – дейди Муҳаммад Ризо Ғаффорий.

Озодликнинг Афғонистондаги мухбири Олим Кўҳканнинг айтишича, Жузжон вилояти айни пайтда толиблар ва ИШИД жангарилари фаоллашган минтақага айланган.

XS
SM
MD
LG