Ссылки доступа

Тожикистонда судьяга болта билан ҳужум қилган шахсга 15 йил берилди


Панж туман суди раисига болта билан ҳужум қилган Диловар Олимов 15 йил озодликдан маҳрум қилинди. Ҳукм куни кеча эълон қилинди, аммо қонуннан кучга кирмади, деди 24 ноябрь куни Хатлон вилоят суди раисининг ўринбосари Темур Бойзода.

Унинг сўзларига қараганда, Диловар Олимов Тожикистон Республикаси Жиноят Кодексининг учта моддаси, жумладан, қотилликка уриниш бўйича судланди.

Ҳодиса шу йилнинг 31 август куни кечқурун Панж туман суди биносида бўлиб ўтган эди. Диловар Олимов туман суди раиси Давлатманд Раҳимзоданинг хонасига кирган ва унга болта билан ҳужум қилган эди. Ҳужум оқибатида Раҳимзода жароҳат олди ва шифохонага ётқизилди, раисининг хонасидаги барча мебель синдирилди.

Ҳодисадан бир кун ўтиб Диловар Олимов қўлга олинди. Вилоят прокуратураси айбланувчи ўз айбига иқрор бўлганини, аммо судьяни ўлдириш ниятида бўлмаганини айтганини маълум қилди.

Ўша куни, 31 августда, Панж туман суди Олимовнинг тўрт йил муқаддам ажрашган ва бошқа оила қурган собиқ рафиқасининг шикоят аризасини кўриб чиққан эди. Биринчи хотини билан у расман рўйхатдан ўтмаган ва бу никоҳдан бўлган икки фарзандини тан олмас эди. Бироқ суд унга оталикни белгилади ва ҳар бир бола учун 130 сомони миқдорида алимент тўлаш борасида ҳукм чиқарди. Аммо Олимов судьянинг бу қароридан норози бўлди ва икки ўртада баҳс келиб чиқди, баҳсдан сўнг суд биносини тарк этиб, кўп ўтмай қўлида болта билан қайтиб келди.

XS
SM
MD
LG