Ссылки доступа

Қозоғистон бош вазир ўринбосари: Қирғизистон сувни беркитмайди


Қозоғистон бош вазирининг ўринбосари — қишлоқ хўжалик вазири Асқар Мирзаҳметов Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг Қирғизистон томонидан Қозоғистонга сув берилиши чекланиши мумкинлиги борасидаги фикрларига муносабат билдирди.

20 ноябрь куни Қирғизистон президенти сифатида ўзининг якуний матбуот анжуманида Алмазбек Атамбаев баёнот бериб, Қозоғистон Қирғизистонни “қамал қилганини” айтган ва чегарадаги вазият Қирғизистон Қозоғистонга сув беришни тўхтатиши биланоқ ҳал этилишини билдирган эди.

Вазир Асқар Мирзаҳметовнинг фикрича, Қирғизистон трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш борасидаги халқаро қоидаларга биноан бу масалада бир томонлама қарор қабул қила олмайди. «Қирғизистон бу қоидаларга амал қилиши керак», — деди Мирзаҳметов парламент мажлисида журналистларнинг саволларига жавоб берар экан.

Мирзаҳметов ўз сўзига қўшимча қилар экан, «бизнинг ҳам ўз ҳисоб-китобларимиз бор» деди ва Қозоғистон қишлоқ хўжалигининг қўшни мамлакатларга қарамлиги ҳақида ҳам тўҳталиб ўтди. «Биз ўсимликларни суғориш даврида қишлоқ хўжалик ишлаб чиқарувчиларини сув билан таъминлаш мақсадида ҳар йили зарур чораларни кўрамиз», — деди вазир.

Ўтган ойда Қирғизистон таъмирлаш ишларини баҳона қилиб, Қозоғистон билан чегарадаги Талас вилоятидаги Киров сув омборидан режага биноан сувни чиқариб юборди. Қозоғистон томони сувни чиқариш аввалдан келишилганлигини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG