Ссылки доступа

Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика ва ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни фаоллаштирмоқда


Ўтган жума, 24 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлараро комиссиясининг ҳамраислари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда энергетика ва ҳарбий-техника соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш муҳокама қилинди, дея хабар беради РИА Новости.

Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Ачилбай Раматовнинг таъкидлашича, мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси бу йил 30 фоизга ошиб, 2 миллиард долларга етди. «2019-2020 йилларда биз савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказишни режалаштирганмиз. Бу борада ишлаяпмиз, бунинг учун пойдевор бор. Барча тўсиқлар бартараф этилган», – деди Раматов.

У ҳамкорликнинг устивор йўналишлари қаторида транспорт, машинасозлик, аграр ва ҳарбий саноатни санаб ўтди.

Ўз навбатида Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Мамин томонлар ўртасида Ўзбекистон Қуролли кучлари учун Қозоғистон оптик асбобларини етказиб бериш борасида шартнома имзоланганини айтди.

Мамин, шунингдек, энергетика соҳасида, жумладан Россия нефтини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиш масаласида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлаб ўтди.

Шу йилнинг август ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон мудофаа вазирликлари икки томонлама алоқаларнинг тарихида илк бор ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолади, сентябр ойида эса ҳарбий-техник соҳада ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро Келишув имзоланди.

XS
SM
MD
LG