Ссылки доступа

Олмаоталик йигит “ижтимоий тармоқда диний қўшиқ эълон қилгани” учун қамоққа ҳукм қилинди


“Диний қўшиқлар билан боғлиқ” иш бўйича судга тортилган Олмаотада истиқомат қилувчи Шуҳрат Кибиров терроризм тарғиботи ва диний нафрат уйғотишда айбдор деб топилди ва олти йил 8 ойга озодликдан маҳрум қилинди.

Судда иштирок этганпрокурор Арман Оразбаков Кибировга мол-мулки мусодора қилиниши билан 11 йил қамоқ жазоси берилишини суддан сўраган эди.

32- ёшли Шуҳрат Кибировга айблов қўйилишига, унинг бош идораси Россияда жойлашган «ВКонтакте» ижтимоий тармоғи орқали 2014 йилда «Алим Ахметов» аккаунтига араб ва чечен тилларида диний қўшиқлар жойлаштиргани сабаб бўлди. Тергов версиясига кўра, Шуҳрат Кибиров ижтимоий тармоқда «Алим Ахметов» номи остида рўйхатдан ўтган.

Шуҳрат Кибиров судда ўзига қўйилган айбловларни инкор қилди. «Нима учун мени айблашмоқда?» — дея сўради судланувчи Кибиров суд мажлисида. Адвокатнинг сўзларига қараганда, Кибиров судда берган бу саволига жавоб олмади.

Адвокат Галим Нурпеисовнинг айтишича, ҳукм устидан шикоят ёзади. Адвокатнинг фикрича, суднинг бу қарори Қозоғистонда ҳар бир киши терроризм ёки диний экстремизмда айбланиб судга тортилиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Унинг таъкидлашича, сўнги йилларда диний қўшиқлар матнини ўрганган экспертларнинг хулосаси асосида “кўплаб” айблов ҳукмлари чиқарилган.

XS
SM
MD
LG