Тошкентдаги “Тинчлик” жомеъ масжиди имом-хатиби Шермурод Тоғай Facebookдаги ўз саҳифасида: "Ислом давлатларидаги каби жазони қўллаш шарт. Динимиз, халқимиз душманларига йўл очиб, тараққиётга тўсиқ бу кабиларга раҳм-шафқат қилинмаслиги керак. Булар текин турма, текин овқат, текин шароитга ўрганиб қолишган, булардан ҳеч кимга фойда йўқ” , - деб ёзди.
Шермурод Тоғай экстремист ғояларга қўшилиб, ақидада адашганларга нисбатан ўлим жазосини қўллаш керак, деган фикрга қандай келганини шундай тушунтирди:
- Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинганлиги сабабидан ҳам, шунча эркинлик берилганидан кейин ҳам яна шунақа иш қилишлиги, яна турли фитналарни қилишлиги яхши эмас-да! Мана кўрaяпмиз, дунёда нималар бўлaяпти. Мисрда, Синай оролида масжидни портлатиб юборишaяпти. АҚШда президент Трамп ҳам одамларни машина билан бостирган одамга ўлим жазоси бериш керак, деяпти. Халқнинг тинчлигини ўйлаб¸ биз шундай фикрни билдирдик, ким қандай қабул қилади, ўзлари билади, нима қилишни раҳбарият ҳал қилади, - деди Шермурод Тоғай.
Тошкентлик имом бу айтганлари ўзининг шахсий фикри экани, буни бир фатво сифатида қабул қилмаслик кераклигини ҳам қўшимча қилди.
“Тинчлик” жомеъ масжиди имом-хатиби Шермурод Тоғай “Оммавий маданият” ва “Ғарб тамаддуни”ни танқид қилувчи ўгитлари билан ҳам танилган.