Ссылки доступа

Тожикистонда жамоат транспортида янги тўлов тизими жорий қилинмоқда


Тожикистонда жамоат транспортида, хусусан, троллейбус ва автобусларда, 2017 йилнинг охирига қадар йўл ҳақини тўлашнинг янги– пластик карталар орқали тўлаш тизими жорий қилинади.

Янги тизимга кўра йўловчи муайян суммани киритиши керак бўлган пластик карта сотиб олиши керак бўлади. Картани ҳайдовчидан ёки пойтахтдаги янги бекатларда ўрнатиладиган терминалалларда харид қилиш мумкин.

Автобус ёки троллейбусдаги ҳар бир кириш жойи картадаги маълумотни ўқийдиган ва ундан қатъий белгиланган йўл ҳақини ечиб оладиган валидатор билан жиҳозланади. Бунда агар картада етарлича пул бўлса, у ҳолда керакли сумма ечиб олинганидан сўнг таблода “Раҳмат” ёзуви, агар керакли пул бўлмаса, “Қабул нашуд” (“Тўлов ўтмади”) деган ёзув пайдо бўлади. Бу ҳолда кондукторга нақд пул тўлаш ёки транспорт воситаси салонини тарк этишга тўғри келади.

Пойтахт ҳокимлигида карталар уч хил: имтиёзли (пенсионерлар, ногиронлар), хизмат ва стандарт кўринишда ишлаб чиқарилиши ҳақида маълум қилдилар.

Шаҳар ҳокимият органлари ҳозирча ҳақ тўлашнинг янги тизими жорий қилиниши билан унинг қиймати ўзгариш-ўзгармаслиги ҳақида ҳеч нарса демадилар.

XS
SM
MD
LG