Ссылки доступа

ТАСС: Россия Ўзбекистонга 12 та Ми-35 зарбдор вертолётини етказиб беради


Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва «Рособоронэкспорт» Ми-35 русумидаги 12та жанговор вертолёт етказиб бериш борасидаги шартномани имзолади. Бу ҳақда “Россия ва Ўзбекистон: стратегик шерикликнинг 25 йили” кўргазмаси доирасида ТАСС мухбирига дипломатик манба маълум қилди.

«12 та зарбдор вертолёт етказиб бериш тўғрисидаги шартнома имзоланди, жанговор машиналарни етказиб бериш 2018 йилда бошланади. Битим бўйича узоқ давом этган музокоралар ва унинг бажарилиши билан боғлиқ талаблар Россия ҳукумати раиси Дмитрий Медведевнинг яқинда Ўзбекистонга ташрифи мобайнида якунланди», – деди манба.

Унинг айтишича, айни дамда Ўзбекистон пойтахтида «Рособоронэкспорт» делегацияси бўлиб турибди ва мудофаа вазирлиги ҳамда республика мудофаа саноати давлат қўмитасида музокаралар ўтказмоқда. «Россия мутахассислари республикага ўзбек томонининг таклифи билан келди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида имзоланган ҲТҲ (Ҳарбий техник ҳамкорлик) тўғрисидаги шартномани ҳаётга татбиқ этиш масаласида амалий тадбирлар бўлиб ўтмоқда», – деди манба.

РФ ва Ўзбекистон ўртасида ҲТҲ тўғрисидаги шартнома 2016 йилнинг ноябрида Москвада имзоланган бўлиб, ҳарбий техник соҳадаги ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришни, жумладан республика Қуролли кучларни истиқболдаги қуроллар ва ҳарбий техника билан таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Ми-35М транспорт жанговор вертолёти бронетехникаларни йўқ қилишга ва қуруқликдаги қўшинларни қўллаб-қувватлашга, шунингдек шахсий таркибни ташишга, жароҳат олганларни эвакуация қилишга ва бошқа вазифаларни бажаришга мўлжаланган.

XS
SM
MD
LG