Ссылки доступа

Туркманистон: муддатли хизмат аскарлари ота-оналаридан озиқ-овқатдан ёрдам сўрамоқда


“Озодлик” радиоси туркман хизмати манбасининг айтишича, сўнгги ойларда Туркманистон қуролли кучларида муддатли ҳарбий хизматдаги аскарларни озиқ-овқат билан таъминлаш ёмонлашган.

Харбий хизмат аскарлари ота-оналарининг сўзларига қараганда, уларнинг фарзандлари тўйиб овқат емаяпти ва мунтазам равишда овқат ёки пул сўрамоқда. Ашхабодда истиқомат қилувчи аёлнинг сўзларига кўра, унинг ўғли хизмат қиладиган ҳарбий қисмда асосан арпа бўтқаси берилади.

"Ўғлим оч қолмаслиги учун мен мамлакатнинг бошқа бир қисмидан ўғлим хизмат қиладиган ҳарбий қисмга боришга мажбурман", - дейди аёл. Унинг айтишича, ҳарбий қисм ҳудудида озиқ-овқат дўкони очилган ва аскарларнинг овқатланиши уларнинг ўзлари томонидан ота-оналари юборган пул эвазига сотиб олинадиган озиқ-овқатлар ҳисобига қондирилмоқда.

Озодлик манбаларнинг айтишича, шу каби холат мамлакатдаги кўплаб ҳарбий қисмларда кузатилади. Хабарларга қараганда, аскарларда пул бўлмай қолган тақдирда улар турли йўллар билан ҳақ тўлашлари мумкин, жумладан ота-оналар фарзандлари томонидан қилинган харидлар учун дўкон эгаларининг телефонига пул ўтказиш имконияти яратилган.

Октябрь ойида мустақил манбалар Туркманистон армияси аскарларининг овқатланиш рациони камайтирилгани ҳақида маълумот берган эди. "Хроника Туркменистана" нашрининг хабарига кўра, Мари вилоятида хизмат қилаётган аскарларга бериладиган паеклар жиддий қисқартирилди. Нашрнинг қайд қилишича, оддий аскарларга бериладиган бир ойлик пул 68 манат (давлат курси бўйича $20 ёки “қора бозор”бўйича $10) ни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG