Ссылки доступа

Қозоғистонда “мактабларда рўмол ўрашни тақиқлаш” иши бўйича судга ОАВ киритилиши исталмади


30 ноябрь куни кечқурун Остонадаги Есиль туман судида Оқтобе ва Ғарбий Қозоғистон вилоятларидаги мактабларнинг ўқувчи қизларининг ўнлаб ота-оналари томонидан ёзилган шикоят аризасини кўриб чиқиш давом этди. Уларнинг шикоят ёзишларига мактабларда рўмол ўрашни тақиқлаш борасидаги бахслар сабаб бўлди.

ОАВнинг ягона вакили бўлган “Озодлик” радиоси мухбирининг суд жараёнида иштирок этмаслиги мақсадида полиция ходимлари уни лифтга қамаб қўйишди. Полиция қўриқлаш хизматидан бир киши мухбир тўртинчи қаватга чиқа олмаслиги учун ўзининг танаси билан лифт эшигини тўсиб қўйди. Унга қадар полиция ходимлари мухбирнинг рюкзагида пичоқ борлигини айтиб, рюкзакни топширишни сўраган эди. Кейинроқ полициячилар мухбирнинг суд жараёнида иштирок этиши билан боғлиқ масала судья Ермаганбетова билан келишилиши лозимлигини айтишди. Юз бераётган барча ҳодисалар ички ишлар департаментининг экстремизмга қарши кураш бўлими ходимлари томонидан кузатиб турилди. Кейинчалик маълум бўлишича, улар жараённи кузатиб туриш мақсадида атайлаб чақирилган.

Ариза берувчилардан бири Уральскдан келган Миржан Габдуллиннинг маълум қилишича, улар Қозоғистон Таълим ва фан вазирининг буйруғи қонунга зид эканлиги борасида қарор чиқарилишини талаб қилмоқда. Буйруққа кўра, мактаб формасига дурли диний конфессияларнинг диний либоси элементларини киритишга йўл қўйилмайди.

—Уральскдан 35 киши ариза берган, Оқтобедан 29 нафар иштирокчи келди. Буйруққа биноан Уральскдаги барча мактабларда ўқувчилар дарсга қўйилмаяпти. Маълумотларга кўра, 78 нафар қиз мактабга бормаяпти. Уральскда 46та мактаб ва уларнинг ҳамма директорлари буйруққа асосан иш кўрмоқда, — дейди Миржан Габдуллин.

Суд жараёнининг айрим иштирокчилари “Озодлик”ка айтишича, улар ҳақидаги маълумотлар суд залига кираверишда нафақат журналга ёзилган, балки шахсларни тасдиқловчи ҳужжатлар суратга олинган.

XS
SM
MD
LG