Ссылки доступа

Туркманистонда ун етишмовчилиги кузатилмоқда

Туркманистоннинг бир нечта минтақасида ун етишмовчилиги кузатилмоқда, дея хабар беради “Озодлик”нинг мамлакатдаги манбалари. Мари ва Ахал вилоятларида ун етишмовчилиги билан бир қаторда, олий навли ун нархи икки баробар ошиб кетди.

"Олий навли бир қоп уннинг баҳоси 50 манат (14 долларга яқин) эди, бугун эса 100 манатдан ошиб кетди", - дейди суҳбатдош ва шу нархда ҳам дўконларда ун йўқлигини ўз сўзига қўшимча қилди.

Маридаги манбанинг сўзларига қараганда, Мари ва Туркманобод шаҳарлари ўртасида қатновчи таксичилар йўловчилар билан бир қаторда ун олиб келиш билан ҳам шуғулланмоқда. "Лебапда етишмовчиликни олдиндан сезган кўпчилик унни ғамлаб қўйишди", - дейди минтақадаги манба.

Ун етишмовчилиги билан боғлиқ муаммони пойтахтликлар ҳам сезмоқда. Ашхабоддаги “Озодлик”нинг суҳбатдошларининг айтишича, айни дамда "Туркменбакалея" тармоғига қарашли барча давлат дўконларида хорижда ишлаб чиқарилган ун сотиш амалда тўхтаб қолди. Шунингдек, мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган олий навли ун етишмовчилиги ҳам кузатилмоқда.

“Озодлик” суҳбатдошларининг сўзларига қараганда, харидорлар томонидан талаб катта бўлган Россия ёки Қозоғистон уни пойтахтдаги хусусий дўконларда ҳам камдан кам ҳолларда учрамоқда.

Ашхабоддаги давлатга тегишли дўконларнинг ходимлари олий навли уннинг етишмовчилигини бу маҳсулотга талаб юқорилиги билан изоҳлашамоқда. "Бизда ун сотишни чеклаш ҳақида кўрсатма йўқ, маҳсулот келиши билан сотувга қўямиз", - демоқда сотувчилар.

XS
SM
MD
LG