Ссылки доступа

АҚШ давлат котиби Европа бўйлаб дипломатик сафарини бошлади


Рекс Тиллерсон душанба куни Европа бўйлаб дипломатик миссиясини бошлади. АҚШ давлат департаменти сайтининг хабар қилишича, Америка дипломатияси раҳбари НАТО, ЕИ, ЕХҲТ йиғилишларида иштирок этади ва 5-7 декабр кунлари Брюссел ва Венада Бельгия ва Австрия расмийлари билан икки томонлама музокаралар олиб боради.

АҚШ Давлат департаменти Рекс Тиллерсон Венада РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашишини ҳам тасдиқлади. 8 декабрь куни Рекс Тиллерсон Сурия, Эрон, Ливан, Ливия ва Шимолий Корея масалаларида музокаралар ўтказиш мақсадида Парижга келади. Брюсселда у ЕИ ташқи сиёсат хизмати раҳбари Федерико Могерини билан учрашади.

Хабарларга кўра, Рекс Тиллерсон Европага “Россия хавфига қарши” АҚШ ва Европанинг иттифоқини мустаҳкамлаш мақсадида сафар қилмоқда. Вашингтонда 28 ноябрь куни Россия-Америка масалаларига бағишланган анжуманда нутқ сўзлаган Рекс Тиллерсон кўз ўнгида “қайта тикланаётган Россия” томонидан бўлаётган “фаол таҳдидлар”га урғу берган ва “турмуш тарзимизга қарши турадиган ва хавфсилигимизга таҳдид солувчи душман” олдида АҚШ Европадаги иттифоқчиларини қўллаб-қувватлашига ваъда берган эди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Дональд Трамп шанба куни айрим ОАВда пайдо бўлган Рекс Тиллерсоннинг давлат котиби лавозимидан истеъфога чиқиши борасидаги хабарларни инкор қилган эди, шу билан бирга у айрим масалаларда иккиси ўртасидаги қарама-қаршиликлар мавжудлигини тан олди.

Бундан аввал, New York Times газетаси президент маъмуриятидаги манбага таяниб, МРБ директори Майк Помпео яқин ҳафталар ичида мамлакат ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Рекс Тиллерсоннинг ўрнини эгаллаши ҳақида маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG