Ссылки доступа

VISA Туркманистон банкларига хизмат кўрсатиш тўхтатилганини инкор қилди


“Озодлик” радиосининг туркман хизмати Туркманистон расмийларнинг компанияга қарзи туфайли тўлов карталари бўйича амалиётлар тўхтатилгани ҳақида хабар тарқатган эди.

VISAнинг корпоратив коммуникациялар бўйича менежери Анна Сердюк баёнот бериб, ҳамма банкларда барча транзакция(битим, шартномалар) ва хизмат кўрсатишлар «стандарт режим»да давом этаётганини маълум қилди.

Шу билан бирга, “Озодлик”нинг Туркманистон ташқи фаолият Давлат банкига яқин манбаси 8 декабрь куни VISA карталарининг блокировка қилиниши билан боғлиқ вазиятга Туркманистон молия идоралари жавобгар эканлигини тасдиқлади. Унинг сўзларига қараганда, ўтган ҳафтада Туркман банклари томонидан VISA тўлов карталари билан тўлов амалиётларида кескин чекловлар юз берди. Бу чоралар VISA компанияси томонидан эмас, балки Туркманистон ташқи Иқтисод банки томонидан кўрилди.

Шу билан бирга VISA компанияси вакили Анна Сердюк Туркманистон ҳукуматидаги манбанинг туркман банкларининг VISA компаниясига 30 миллион доллардан ортиқ қарзи борлиги ҳақидаги хабарига изоҳ бера олмади. Шунингдек, у айни дамда VISA картаси бўлган туркманистонликлар ундан фойдалана олишлари ёки олмасликлари ҳақида ҳам бирор гап айтмади.

«VISA карталари лимитлари ва чекловлар ҳақида банкдан сўраш мантиққа тўғри келади. Биз молия муассасалари билан ишлаймиз, биз Туркманистондаги бирор банкка хизмат кўрсатишни ёки хизматлар кўрсатиш бўйича битимларни тўхтатиб қўйганимиз йўқ. Мен сизга шундан бошқа маълумот бера олмайман», - деди Анна Сердюк.

8 декабрь куни “Озодлик”нинг Туркиядаги мухбири Девлет Байхан мамлакатда бўлиб турган туркманистонликлар билан суҳбатлашар экан, VISA карталари ҳамон ишламаётгани ҳақида маълум қилди.

XS
SM
MD
LG