Саакашвили Украина Жиноят Кодексининг “фитна бўйича жиноятга уриниш” ва “жиноий ташкилот иштирокчиларига ёрдам бериш ва уларнинг жиноий фаолатини яшириш” моддалари бўйича айбланмоқда. Тергов талқинига кўра, сиёсатчи Украина собиқ президенти Виктор Янукович манфаатлари йўлида мамлакатда давлат тўнтариши уюштиришга ҳаракат қилган.
Саакашвили бу айбловларни инкор қилмоқда. Душанба куни суд мажлисида у баёнот бериб, ўзига нисбатан очилган жиноий иш Россия президенти Владимир Путинга “совға бўлиши”ни айтди. Бу иш билан шуғулланувчиларнинг ҳаммаси "ФСБ(Федерал хавфсизлик хизмати) агентларидир", дея таъкидлади Саакашвили.
Суд қароридан сўнг сиёсатчи ўз сўзларига қўшимча қилар экан: "Уларга [прокурорларга –Мух.] мени Украина сиёсатидан четлаштириш топширилган эди. Бироқ, мен одамлар билан тўғридан тўғри мулоқот қилишга одатланганман ва бу ишда давом этаман” деди. Грузия собиқ президентининг тарафдорлари 17 декабрда Киевда бўлиб ўтиши мўлжалланган митингни бекор қилишди.
8 декабрдан бери Михаил Саакашвили Украина Хавфсизлик Хизмати тергов изоляторида ушлаб турилган эди. Якшанба куни сиёсатчини қўллаб-қувватлаш мақсадида Киевда кўпминг кишилик марш бўлиб ўтди.