Ссылки доступа

Душанбеда ИД сафларига қўшилмоқчи бўлган Франция фуқароси судланди


Тожикистон пойтахтидаги Исмоил Сомоний туман суди Франция фуқаросини 5 йил озодликдан маҳрум қилди. У Тожикистон-Афғонистон давлат чегарасини қонунга зид равишда кесиб ўтишга уринганликда айбдор деб топилди.

Хорижлик фуқаро қўшни мамлакатда “Ислом Давлати” сафларига қўшилмоқчи эди. Маълумотларга эга манбанинг айтишича, у шу йилнинг июль ойида чегарачилар томонидан Хатлон вилоятининг Жайхун туманида Афғонистон билан чегарадан ноқонуний ўтишга уринганида қўлга олинган эди.

Мамлакат куч ишлатиш салоҳиятига эга идоралардаги манбанинг айтишича, Франция фуқароси Тожикистонга сайёҳлик визаси билан Қирғизистондан келган ва Афғонистонга ўтишни режалаштирган. Унинг келиб чиқиши француз бўлган мусулмон экани аниқланди. Тергов жараёнида у Муҳаммад исмли Қирғизистон фуқароси ўзини Афғонистонга ўтиши борасида тарғиб қилгани ҳақида айтди.

«Суднинг биринчи мажлисларида Франциянинг Душанбедаги элчихонаси вакиллари ҳам иштирок этди. Маҳкум ўзини ватанига экстрадиция қилинидан воз кечди ва жазони Тожикистонда ўташга рози бўлди», - деди манба.

10 декабрь куни Франс-Пресс мухбири Афғонистон расмийлари ва Халқаро хавфсизлик кучларига таяниб, Суриядан қочган француз ва жазоирлик жангарилар Афғонистон шимолига қочиб ўтганини ва “Ислом давлати” сафларига қўшилганини ҳамда у ерда машқ лагерларини ташкил қилганликларини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG