Ссылки доступа

Хитой умрбод қамалган фуқарони Қозоғистонга топширди


Хитойда ўлим жазосига ҳукм қилинган ва жазо кейинроқ умрбод қамоқ жазосига алмаштирилган, Қозоғистон фуқароси Хитой томонидан Остонага топширилди, дея хабар берди Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Ануар Жайнақов ўзинингFacebook’даги саҳифасида маълум қилишича, Оқмола вилоятида 1989 йилда туғилган фуқаро Хитойдаги Шинжон Уйғур мухтор ўлкасининг Урумчи шаҳридан 15 декабрь куни ватанига «этап» қилинди.

Бу фуқаронинг исми шарифини Ануар Жайнақов ўз хабарида маълум қилмади. Унинг сўзларига қараганда, Хитойда ҳукм қилинган бу фуқаро 2009 йилда Гуандун вилоятининг Гуанчжоу шаҳрида гиёҳванд моддалар олиб ўтиш айби билан ушланган ва кейинроқ ижроси икки йилга кечиктирилиши билан ўлим жазосига ҳукм қилинган. 2011 йилда ўлим жазоси умрбод қамоққа аламаштирилди.

Қозоғистон бош прокуратураси матбуот хизматининг маълум қилишича, Хитойда ҳукм қилинган фуқаро Қозоғистонда ҳукм ижро этилишни давом эттириш учун Қозоғистонга топширилган. «Айни дамда у Остонадаги тергов изоляторида ушлаб турилибди», — дея маълум қилди бош прокуратура матбуот котиби Шолпан Кошенова.

Бундан аввал расмийлар Хитой томонидан ҳукм қилинган бир қатор фуқаролар Қозоғистонга топширилганини маълум қилган эди. 2015 йил июлида Хитой ҳукм қилинган шахсларни топшириш тўғрисида Қозоғистон билан имзоланган Шартномани ратификация қилган эди. Расмийларнинг маълумотларига кўра, 2015 йилнинг августидан Қозоғистонга Хитойдан 15 нафар ҳукм қилинган шахс, улардан тўрт нафари шу йил, олиб келинган.

XS
SM
MD
LG