Хорижга чиқувчи туркманистонликлар, мамлакат ташқарисидаги олий ўқув юртларида фарзандлари таълим олувчи оилалар Visa тўлов карталаридан кенг фойдаланади. Туркия ва Европа мамлакатларига йўл олган туркманистонликларнинг “Озодлик”ка айтишларича, айни дамда банкоматлардан пулларни нақдлаштириш у ёқда турсин, харид қилиш ёки хизматлар учун тўловларни амалга ошириб бўлмаяпти.
Ҳукуматдаги “Озодлик”нинг манбалари Внешэкономбанк аввалгиларга нисбатан яна қўшимча чекловлар жорий қилганини маълум қилди. Чекловлар бўйича эндиликда 25 АҚШ долларини нақдлаштириш мумкин, нақд пулсиз харидлар эса 100 доллардан ошмаслиги керак. Бундан ташқари, Внешэкономбанкдаги “Озодлик” суҳбатдошларининг сўзларига қараганда, эндиликда Туркманистон молия расмийлари Туркманистон фуқаролари хорижда қайси банклардан пулларни ечаётганини ўрганмоқда ва тўлов карталари бўйича савдоларни тўхтатиш борасида илтимоснома юбормоқда. Айнан мана шу ҳолат хорижга чиққан туркманистонликларни оғир аҳволга тушириб қўйди, дея таъкидламоқда Внешэкономбанкдаги манба.
“Озодлик” илтимосига кўра, Туркия ва Европа мамлакатларида бўлган туркманистонликлар пул ечишга уринишди ва бу жараённи суратга олишди. 25 доллар ва 25 евро ечиш билан боғлиқ ҳар икки ҳолатда ҳам банкоматлар экранларида «транзакция бекор қилинган, ўз банкингизга мурожаат қилинг» деган хабар пайдо бўлди.
“Озодлик” манбаларининг сўзларига қараганда, расмийлар хорижга кетаётган қариндошларига нақдлаштириб келиш ва валютани конвертациялаш учун карталарни бераётганларни ҳам таъқиб қилмоқда. Туркманистондаги вазирликлардан бирининг ходими бир неча ўн киши маъмурий жавобгарликка тортилганини маълум қилди.