Эртаси куни материал веб-сайтдан ғойиб бўлди, аммо унинг нусхаси қидирув тизимларининг кэшида сақланиб қолди. Ҳозирда порталда ҳукумат ахборот агентлигининг сайловлар қонун бузилишларсиз ўтгани ҳақидаги маълумоти чоп этилган.
Нашрга кўра, Тошкент шаҳардаги иккита сайлов участкасида мутассадилар сайлов қонунчилигини очиқ-ойдин бузилишига йўл қўйган. Шунингдек, сайтда сайлов участкасида овоз бериш қутисига бир киши бир неча дона овоз бериш варақчасини ташлаётгани тўғрисидаги видео ҳам жойлаштирилган. Ахборот порталининг видеосини ютубда кўриш мумкин.
"Ҳавола этилган манзарада сайловчилар яқин қариндошлари ёки дўстларининг номидан ҳам сайлов бюллетенини саватчага ташлашини, қўлида бир нечта фуқаролик паспорти билан кириб келаётганини кузатиш мумкин. Қолаверса, сайлов участкасига кираверишда турган МФЙ вакили «2-номзод, Жамолов Ғофур»га овоз бериш кераклигини уқтирмоқда”, дейилади мақолада.
Портал овоз бериш вақтида ташвиқот олиб борган жамоалар вакилларини ҳам танқид қилди ва МСКнинг овоз беришда қатнашганлар сони ҳақидаги ҳисоботига шубҳа билдирди. "Лекин бу рақамларга қанчалик ишониш мумкин?!"– деб ёзди мақола муаллифлари.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг ҳукумат ресурси "овоз бериш демократик андазаларга мувофиқ" бўлиб ўтганлиги ҳамда ҳеч қандай қоидабузарликлар аниқланмаганлиги ҳақида ҳисобот берди.
Тошкентдаги маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига сайловлар 14 йил ичида биринчи марта бўлиб ўтди. Амалдорлар айтганидек, овоз берганлар сонини кузатиб борадиган сайловчиларни ҳисобга олишнинг ягона электрон тизими ҳам биринчи марта қўлланилди. Ҳукумат вакилларининг таъкидлашича, бу экспериментал тизим меъёрдан четга чиқишларни бартараф этиши керак эди.