Ссылки доступа

МХХ журналист Бобомурод Абдуллаевни адвокатидан воз кечтирди


МХХ терговчилари журналист Бобомурод Абдуллаевни адвокатидан воз кечтирди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов хабар бермоқда.

Ҳибсдаги журналист Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати ҳуқуқ ҳимоячиларга хабар қилишича, уни терговчи Александр Веселов 26 декабрь куни МХХ идорасига чақиради. "Веселов суҳбат Бобомурод Абдуллаевнинг илтимосига биноан бўлаётганини айтди. Абдуллаев томонидан 16 декабрь куни менинг хизматимдан воз кечиш ҳақида баённома ёзган экан. Мен нима учун ариза менга 10 кун ўтиб берилаётганини сўраганимда Веселов вақти бўлмаганини айтади", дейди Сергей Майоров.

Адвокат Майоров терговчидан ўзини ҳимоя қилинаётган шахс билан ёлғиз қолдиришни сўради. Бироқ терговчи бунга жавобан, ЖПКнинг бундай ҳуқуқ ҳақида сўз юритилган моддасини айтиб беришни талаб қилди. Кейин терговчи Абдуллаевдан у адвокат билан ёлғиз қолишни исташ-истамаслигини сўради, журналист рад жавобини берди.

Адвокат Сергей Майоров ҳуқуқ ҳимоячиларига хабар қилишича, унга Бобомурод Абдуллаевнинг бундан буён давлат адвокати Шаҳзод Шариповнинг хизматларидан фойдаланиш ниятида эканлиги ёзилган аризасини кўрсатишди.

– Бобомурод менинг хизматларимдан воз кечишини мен унинг нуқтаи назарини Сурат Икромовга қандай етказганлигим билан изоҳлади. Унга Икромовнинг мақоласини кўрсатишган. Бу мақолада менинг Бобомурод билан биринчи учрашувдаги суҳбатим нотўғри баён қилинган. Ҳуқуқ ҳимоячисининг мақоласида Бобомурод ўз айбини фақат “Тинчликпарварларга жавоб” қисми бўйича қисман тан олгани ёзилган. Аслида у Муҳаммад Солиҳнинг (Муҳаммад Солиҳ – чет элда қувғинда яшаётган машҳур ўзбек мухолиф сиёсатчиси, Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг раиси – Таҳр.) талабига кўра ёзган барча мақолалар бўйича ўз айбини тан олмоқда. Солиҳга оид қисми бўйича ҳам ноаниқлик мавжуд. Бобомурод мақолаларни Солиҳнинг илтимосига кўра эмас, балки Солиҳнинг талабига кўра эълон қилишда Солиҳга ёрдам берган, – деб хабар қилди ҳуқуқ ҳимоячиларига, адвокат Сергей Майоров.

Эслатиб ўтамиз, 44 ёшли тошкентлик мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев шу йил сентябрь ойининг охирида МХХ ходимлари томонидан ушланган эди. У 1 октябрдан буён қамоқда сақланмоқда. Журналистга Ўз ЖК бўйича айб (“Ҳокимиятни эгаллаб олиш ва конституциявий тузумни ағдариб ташлаш мақсадида фина уюштириш”) қўйилган.

XS
SM
MD
LG