Ссылки доступа

Украина ва айирмачилар ўртасида асирларни алмаштириш якунланди (видео)


Донбассда асирларни алмаштириш якунланди. Бу ҳақда Украина томони ва айирмачилар вакиллари баёнот берди. Украина Олий Радаси спикерининг биринчи ўринбосари Ирина Геращенконинг айтишича, алмашиш натижасида украиналик 73 нафар асир озод қилинди, Киев эса 233 кишини топширди.

"27 декабрь куни Донецк вилоятининг Майорск туманида гаровдагилар озод қилинди. Жангариларнинг қамоқхонасидан 73 нафар украиналик озод қилинди", – деди Геращенко. Унинг бу сўзларидан Олий Рада матбуот хизмати иқтибос келтирди.

Бундан аввал айирмачилар Украина томонига 74 кишини топширгани ҳақида маълумот берилган эди. Украина томони рақамлардаги фарқ борасида изоҳ бермади. Шу билан бирга Донецк айирмачилари алмашиш доирасида бир киши Киев назоратидаги ҳудудга ўтишдан воз кечганини маълум қилди.

27 декабрь куни Киев ва “ЛХР” ўртасида ҳам асирлар алмашуви бўлиб ўтди. Украина томонига 16 нафар асир берилди. Луганск айирмачиларининг айтишича, уларга 73 киши топширилган (бундан аввал 99 киши ҳақида баёнот берилган эди, бироқ улардан айримлари қайтишни истамади).

Украина президенти Петр Порошенко Краматорскда озод қилинганлар билан учрашди. У озод қилинганлар вертолётларда аввалига Харьковга, у ердан эса Киевга жўнатилишни маълум қилди.

XS
SM
MD
LG