Ссылки доступа

Тожикистонда ота-оналарига васийликдан воз кечганларни жазолаш кучайтирилади


Тожикистон парламенти 2017 йил 21 декабрь куни мамлакат Жиноят кодексига қўшимча киритди, унга кўра кекса ота-оналарига васийлик қилишдан воз кечганларга нисбатан жазо кучайтирилиши кўзда тутилади.

Шу кунга қадар бу каби холатларда, қонунга биноан 120 соатдан 180 соатгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш, икки йилгача ахлоқ тузатишга юбориш, ёки шу муддатгача озодликдан маҳрум этиш йўли билан жазога тортиларди.

Сўнги йилларда иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиб бораётгани сабаб, фарзандларидан алимент талаб қилувчи ота-оналарнинг судга мурожаат қилиши билан боғлиқ ҳолатлар кўпайди.

27 декабрь куни парламентнинг инсон ҳуқуқлари ва қонунчилик қўмитаси аъзоси Бахтовар Сафаров ТР Жиноят кодексининг 178 моддаси 2-пункт “Фарзандларни меҳнатга яроқсиз ота-оналарини боқишдан атайлаб бўйин товлаши” билан тўлдирилганини айтди. Унинг айтишича, киритилган қўшимчаларга кўра, суд томонидан ота-оналарни боқишга маъсул деб топилган фарзандлар асоссиз, атайлаб ёки мунтазам равишда восийликдан бўйин товлаб келадиган бўлса, у ҳолда 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

2016 йилда Тожикистон Асосий қонунига қўшимча пункт киритилган бўлиб, унга кўра “вояга етган ва меҳнатга яроқли фарзандлар ўз ота-оналарини ижтимоий таъминлашлари ва уларга ғамхўрлик қилишга маъсул экани” белгилаб қўйилган.

XS
SM
MD
LG