Аниқлашича, Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйининг бошлиғи Камолиддин Орипов ҳамда қаровули қамоққа олинган. Ориповнинг икки муовини, бош ҳисобчи ва ўнга яқин тарбиячи ишдан олиниб, улар устидан ҳам жиноят иши очилган.
Фарғона ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, Меҳрибонлик уйи раҳбари ўз танишлари ва қариндошларини ишга олиш орқали давлат мулки ва болалар уйи тарбияланувчилари учун ажратилган миллионлаб сўм пулни талон-тарож қилганликда айбланмоқда.
Бундан ташқари терговчилар Меҳрибонлик уйида вояга етмаган қизлар фоҳишаликка жалб этилгани ва улардан жинсий хизмат кўрсатишда фойдаланилгани ҳақидаги даъволарни ҳам ўрганмоқда. Болалар уйи тарбияланувчилари гинеколог текширувидан ўтказилмоқда.
- Меҳрибонлик уйини притонга айлантиришган. Етимларга деб берилган миллионлаб ҳайр-эҳсон пуллар ўмарилган. Ҳозир бу бўйича прокуратура тергов олиб бормоқда, - деди Фарғона ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи мулозим. Болалар уйининг қаровули ҳам ҳибсга олинган.
-У Болалар уйига келган одамларни бошлиқни буйруғи билан киритиб турган. Ҳозир у СИЗОда, - деди Меҳрибонлик уйидаги аҳволдан хабари борлигини айтган марғилонликлардан бири.
Эслатиб ўтамиз, аввал Ўзбекистонда боғча қоровуллари болалар дам оладиган хонани пул эвазига жинсий хизмат кўрсатадиган аëлларга бергани учун қўлга олингани ҳақида хабар қилинган.