Ссылки доступа

ЕИ ва АҚШ Эрондаги низолашаётган томонларни зўравонликлардан воз кечишга чақирди


Европа Иттифоқи Эрон расмийларига мурожаат қилиб, фикрлар ва йиғилишлар эркинлигини ҳурмат қилишга чақиради ва низолашаётган томонларни зўравонликлардан воз кечишга даъват қилади, дея баёнот берди ЕИнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича олий вакили Федерика Могерини.

Вашингтон Эронда зўравонликлар авжига чиқиши муносабати билан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулотда мажлиси чақирилишини талаб қилмоқда. Норозилик намойишларида инсонларнинг ҳалок бўлиши билан боғлиқ масала юзасидан Женевадаги инсон ҳуқуқлари Кенгаши ҳам ўз фикрини айтиши керак, дея ҳисоблайди АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли.

Сешанба куни БМТда уюштирилган брифингда Хейли жасорат кўрсатаётган эронлик намойишчиларни мақтади ва мамлакатнинг барча ҳудудларида кузатилаётган намойишлар кутилмаганда пайдо бўлганини, ташқаридан уюштирилмаганини таъкидлаб ўтди. Бундан аввал Эрон раҳбари ва маънавий етакчиси оятуллоҳ Али Хоманаий норозилик намойишларига изоҳ берар экан, Эрон душманлари мамлакат ҳукуматига зиён етказиш мақсадида бирлашганларини айтган эди.

Эронда 28 декабрда бошланган аксил ҳукумат намойишларида камида 20 нафар намойишчи, жумладан камида бир полиция ходими ҳалок бўлди. Шанба куни Теҳронда 450дан ортиқ киши ушланди. Аввалига намойишлар асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва товарларнинг нархи кўтарилишига қарши қаратилган эди, бироқ кўп ўтмай сиёсий аҳамият касб эта бошлади. Кутилмаганда пайдо бўлган намойиш иштирокчилари очиқдан очиқ ҳукумат ва руҳонийлар режимига қарши чиқа бошлади, шунингдек полиция идораси ва ҳарбий базага ҳужум қилишга уринишди.

Эрон президенти Ҳасан Роухани пайдо бўлган зўравонликлар ва жамоат мулкига зиён етказилишини қоралаб чиқди, шу билан бирга ҳукуматни “танқид ва норозиликлар учун имконият яратиб беришга” чақирди.

XS
SM
MD
LG