Ссылки доступа

Қирғизистонда ноқонуний миграция ташкилотчиларини жазолаш кучайтирилиши назарда тутилмоқда


Қирғизистон ҳукумати Жиноят кодексига ўзгартиш киритишни кўзламоқда, унга кўра, ноқонуний миграцияни уюштирувчиларга бериладиган жазо кучайтирилади. Ички ишлар вазирлиги ноқонуний миграцияни ташкиллаштирган фуқаролар уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилиши керак, деган таклиф билан чиқди.

Қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Амалдаги қонунчиликка кўра, Қирғизистонда ноқонуний миграцияни уюштирганлар 30 минг сомдан 60 минг сомгача (450-800 доллар) жаримага тортилади.

Миграция Давлат хизмати раисининг ўринбосари Алмаз Асанбаевнинг таъкидлашича, қонун нафақат Қирғизистондаги иммиграцияга балки, қирғизистонликларни ноқонуний равишда хорижга юборишга ҳам тааллуқлидир:

- Жаҳонда ноқонуний миграция тенденцияси кучга тўлиб бормоқда. Ноқонуний миграцияда одам савдоси ва уларга маошлар тўланмаслиги билан боғлиқ кўплаб фактлар учрайди. Мазкур қонун лойиҳасида жавобгарлик назарда тутилади. Қонун Қирғизистонда ноқонуний миграцияни уюштириш, алдов йўли билан фуқароларни Қирғизистондан олиб чиқишни ташкиллаштирганларга нисбатан қўлланилади.

ИИВ 10-Бош бошқармаси беш йиллик фаолияти мобайнида ноқонуний миграция билан боғлиқ 233 фактни аниқлади. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг таъкидлашича, жиноятнинг бу тури яширин содир этилади ва миллий хавфсизликка жиддий таҳдид солади. ИИВнинг мактубида ноқонуний миграция ташкилотчиларига енгил жазо берилиши мамлакатга бошқа давлатлардан бузғунчи элементларнинг кириб келишига омил бўлаётгани, таъкидланади.

XS
SM
MD
LG