Бундан аввал қўшни давлатлардан Ўзбекистонга божсиз олиб кириш мумкин бўлган товарларнинг умумий қиймати 10 долларгачагина эди.
Ўзбек-қозоқ чегара назорат-ўтказиш пунктларидан 3 январь куни ўтиб-қайтган бир неча нафар ўзбекистонлик чегарадан мол олиб ўтиш эркинлашгани ва ўзбек божхоначилари "мулойим ва хушмуомала" бўлиб қолганини айтишди.
– Черняевка постида (Ўзбекистоннинг "Ғишткўприк", Қозоғистоннинг эса "Жибек жоли" чегара назорат-ўтказиш пунктлари - муҳарр.) божхоначилар шунақа мулойим, ишонгинг келмайди. 1000 долларгача бўлган молни бемалол ўтказишяпти, божхоначилар ҳам ортиқча текширмаяпти. Бунақа холатни биринчи марта кўришим”, - деди ўзбекистонлик савдогарлардан бири.
Аввал хабар қилинганидек, чегаранинг Қозоғистон томонида жойлашган бозордаги нарх-навонинг Тошкент шаҳри ва вилояти бозорларидан 30-40 фоиз арзонлиги сабаб ўзбекистонликлар бозор-ўчарга Қозоғистонга боришади.
Ўзбекистон божхона қўмитаси ходими 1 январдан навбатлар йўқолгани ва 1000 долларгача бўлган мол божсиз олиб ўтилаётганини тасдиқлади. У шунингдек, Ўзбекистон фуқароларига умумий қиймати 1000 АҚШ долларигача бўлган ўз эҳтиёжи учун истеъмол товарлари 1 январдан бошлаб Қозоғистондан божсиз олиб кириш руҳсат этилганини тасдиқлади.