Эбадининг сўзларига қараганда, Эрон Конституцияси фуқароларга норозилик ўтказиш ҳуқуқини беради, шу сабаб фуқаролар кўчаларда қолиши керак. У эронликларга мурожаат қилар экан, ҳукуматга иқтисодий босим ўтказиш ва уни зўравонликларни тўхтатиш ҳамда намойишчилар талабларини бажаришига мажбурлаш мақсадида солиқ, коммунал хақларини тўламасликка, давлат банкларидан маблағларини қайтариб олишга чақирди. "Ҳукумат сизни 38 йил мобайнида эшитмадими, демак ҳозир сизларга айтаётган гапларини инкор қилиш вақти келди", – деди Эбади.
Бундан аввал Германиянинг Die Welt нашрига берган интервьюсида Эбади Эрондаги коррупция миқёсини "даҳшатли" деб атади ва ёшлар ўртасидаги ишсизлик даражасини фавқулотда юқори эканлигини таъкидлади. Маълумки, кўча намойишлари иштирокчиларининг асосини айнан ёшлар ташкил қилади.
Эрондаги намойишлар бир ҳафтадан бери давом этмоқда. Намойишлар иқтисодий шиорлар билан бошланди, бироқ кўп ўтмай мамлакат раҳбарлари ва ислом республикаси режимига қарши қаратилган сиёсий талаблар илгари сурилди. Ҳукумат норозилик намойишларини уюштиришда хорижий кучларни айбламоқда. Намойишчилар орасида ҳалок бўлганлар сони 20 кишидан ошиб кетди, юзлаб одамлар ҳибсга олинди. Чоршанба куни мамлакатнинг бир нечта шаҳрида ҳукуматни ёқловчи намойишлар бўлиб ўтди.