Ссылки доступа

Ўзбекистонда яна СЭС ходимларини гўнг ҳисобини олишга мажбурлашди


Сурхондарё вилоят, Шўрчи туман Давлат санитария-эпидемиология назорат марказининг шифокор ва ҳамширалари фермер хўжаликлари ва аҳоли уйларида қанча гўнг захираси борлигини аниқлашга сафарбар қилинди.

Арз қилган шифокорларнинг айтишича, улар касбига мутлақо алоқаси бўлмаган ишни қилишга мажбурланмоқда.

Шўрчи туман ДСЭНМида ишлайдиган бир шифокор, у ва икки шериги узоқ қишлоқлардан бирида 20 тонна гўнг борлигини аниқлаб келганини айтди. -

- Асосий ишимиз қолиб, қаерда қанча гўнг бор экан деб ахтариб юрибмиз. Бу ҳаммаси кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас. Масалан, биз, ўша қишлоққа бориб фермерларни топамиз ва қанча гўнги борлигини сўраймиз. У ҳам фалон тонна дейди. Албатта, биз уни тортиб кўриш имкониятимиз йўқ, ҳа шунча экан, деб ёзиб қўямиз. Кейин аҳолининг уйларига кириб сўраймиз. Бунақа аҳмоқона ишнинг кимга кераги бор, биз ҳам тушунмаймиз”, деди шифокор.

Унинг айтишича, шифокорлар қишлоқларга ўз ёнларидан харажат қилиб, таксида бориб келишга мажбур.

– Автобуслар у ерга юрмайди. Таксида бориб, таксида қайтамиз. Агар идорамизда қарийб 70 киши ишласа, 10 га яқин 2-3 кишилик гуруҳлар ташкил қилинган. Биз асосий ишимиз қолиб, гўнг ахтариб юришга мажбур бўляпмиз. Ўтган йил ҳам худди шундай бўлган эди, - дейди шифокорлардан бири.

Ўтган йилнинг февраль ойида Шўрчи туман ДСЭНМ бош шифокори ўринбосари бўлиб ишлаган Мусурмон Эшқобилов ходимларни гўнгни ҳисобга олишга сафарбар этилганини тан олган эди.

– Гўнг масаласи бу республиканики, ҳукуматники. Фермерларга яқиндан ёрдам бериш, гўнг захираларини яратиш, шу бўйича ёрдам беряпмиз. Одамларимиз уйма-уй юриб санитария ҳолатини, тозалигини аниқлайди, чиқинди ва гўнгларни бу ёққа чиқариб беринглар деб, тушунтириш ишлари олиб боради", - деган эди бош шифокор ўринбосари.

XS
SM
MD
LG