Ссылки доступа

Қирғизистондаги олтин конида ходимлар оммавий ишдан бўшатилди


ҚРнинг Жалолобод вилояти Ола Буқа туманидаги Иштамберди олтин конида фаолият юритувчи «Фулл Голд Майнинг» компанияси янги иш талабларига норози бўлган 370 кишини ишдан бўшатди.

Бу ҳақда Қирғизистон Касаба уюшмалари Тоғ-Металлургия касаба уюшмаси МКнинг Жалолобод вилоятидаги вакили Абдижалил Ташматов маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, компания ходимларни ишдан бўшашига мажбур қилиш мақсадида уларнинг маошини пасайтирган.

«Хитой компанияси доимий ходимлар билан меҳнат шартномасини узишни, унинг ўрнига муддатли меҳнат шартномасини тузишни таклиф қилди. Янги шартномаларда ойлик маош 30% қисқартирилган, иш талаблари эса анча кескинлаштирилган. Бунинг натижасида иш тўхтаб қолди. Агар шартнома ходимлар томонидан имзоланмаган бўлса, у ҳолда улар автоматик тарзда ишдан бўшатилган бўлади. Раҳбарият ўзини шундай тутмоқда-ки, уларнинг фикри шундай: «хоҳласангиз – шартимизга рози бўлиб, шартномани имзоланг, ёки ишламанг, бошқаларни топамиз», - дейди Абдижалил Ташматов.

Тоғ-металлургия касаба уюшмасининг таъкидлашича, ходимларга янги шартномани тақдим қилган компания ҚР Меҳнат кодексини бузмоқда. Шу сабабли ташкилот ҚР саноат, энергетика ва ер ости бойликларидан фойдаланиш Давлат қўмитасига мурожаат қилишга қарор қилди. Корхона ишчилари эса аввалги ойлик маошлари билан ишга олинмайдиган тақдирда кенг қамровли норозилик намойишларини уюштиришларини айтишмоқда.

Юзага келган вазият ҳақида «Фул Голд Майнинг» компаниясидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Компания бош директори Гун Цзегуаннинг имзоси ва муҳри билан касаба уюшмаларига юборилган мактубда, “молиявий аҳвол инобатга олинган ҳолда” компания“меҳнат муносабатларни узайтириш имкониятига эга эмаслиги” таъкидланади.

Маълумотларга кўра, компанияда 600га яқин ходим фаолият юритади. Улардан 370 нафари ишдан бўшатилган бўлса, тахминан 200 нафар киши мажбурий таътилга чиқарилган. Уларнинг ўртача ойлик маоши 30 минг сомни ташкил қилади. «Фул Голд Майнинг» МЧЖ 2011 йилдан бери Иштамберди конида фаолият юритиб келади.

XS
SM
MD
LG