Ссылки доступа

Ўзбекистонлик иқтисодчига конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айблов эълон қилинди


Ўзбекистонда октябрда ҳибсга олинган иқтисодчи ва ўқитувчи Ҳаёт Насриддиновга конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айблов билдирилди. Бу ҳақда 6 январь куни AsiaTerra нашри ўз манбасига таяниб хабар қилди.

Насриддинов айбланаётган модда бўйича айбдор топилган шахс 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. AsiaTerra нашри Насриддиновга билдирилган айблов унинг ва журналист Бобомурод Абдуллаевнинг устидан очилган икки жиноят ишини битта ишга бирлаштириш йўлидаги дастлабки қадам бўлиши мумкин, деб хабар қилди.

Айтилишича, олдинроқ Абдуллаев билан Насриддинов юзлаштирилган. Бундан ташқари иккаласи ҳам мустақил адвокатлар хизматидан воз кечган.

1970 йилда туғилган Ҳаёт Насриддинов Ўзбекистонда иқтисодиётдан таълим олган, кейинроқ чет элда ўқиб, иқтисодиёт фанлари доктори бўлган. У турли молиячи ва иқтисодчи сифатида турли ташкилотларда ишлаган, банк иши бўйича кўплаб мақолалар ёзган.

Охирги йилларда Насриддинов тошкент мактабларининг бирида иқтисодиёт фанидан дарс бериб юрган. 2010 йилдан буён Насриддинов Радио Свободага 30 дан ортиқ мақолалар ёзган. 2012-2013 йиллардан бошлаб хорижий ОАВларга шарҳлар беришни бошлаган.

XS
SM
MD
LG