Ссылки доступа

Туркманистонда шифохона ходими калтакланганидан сўнг вафот этди


“Озодлик” радиосига Туркманободда калтакланишдан сўнг вафот этган фуқаро тўғрисида хабар келиб тушди. Шифокорларнинг хулосасига кўра, ўлим унинг саломатлиги сабабли юз берган, аммо марҳумнинг қариндошларининг айтишича бу қотилликдир.

Уларнинг сўзларига қараганда, жиноий иш қўзғатилган. Марҳумнинг яқин дўстининг хабар қилишича, 1980 йилда туғилган Назар Хидиров Туркманободдаги болалар шифохонасида ишлаган, у ўтган йилнинг 21 декабрь куни номаълум шахслар томонидан иш жойида калтакланган ва кейин ўз уйига ташлаб кетилган.

“Озодлик” суҳбатдошининг айтишича, юз беган ҳодисадан сўнг тез ёрдам машинаси Хидировни вилоят шифохонасига олиб келган. Хидиров ҳушига келмасдан айни шу шифохонада 30 декабрь куни вафот этди. Унинг сўзларига кўра, Хидировни даволаган шифокор беморнинг бошида учта гематома борлигини, операция 24 декабрь куни, яъни шифохонага тушганинг учинчи куни қилинганини айтган.

Назар Хидировнинг касби тарих ўқитувчиси бўлиб, ишсиз қолгани сабаб, пора бериб Туркманободдаги вилоят болалар шифохонасига хавфсизлик техникаси бўйича инженер лавозимига ишга жойлашган эди. Қариндошларининг айтишича, Хидировга аввалига инсульт ташҳиси қўйилган, уч кундан кейин эса жигар циррози деб ўзгартирилган.

Марҳумнинг дўсти юз берган ҳодисага алоқадор бўлган шифокорлар ва терговчиларнинг исмини айтди, бироқ “Озодлик” уларнинг исми-шарифини эълон қилмасликка қарор қилди, чунки таҳририятнинг Туркманободдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ва тиббиёт муасссаларидан бу иш бўйича изоҳ олиш имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG