Ссылки доступа

Оқ уй: Трамп 16 январь куни Назарбоевни қабул қилади


АҚШ президенти Дональд Трамп 16 январь куни Оқ уйда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашади, дея хабар берди Оқ уй.

9 январь куни эълон қилинган Оқ уй хабарида, икки мамлакат етакчилари “минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш йўлларини муҳокама қилиши” таъкидланади.

Қозоғистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги элчиси Қайрат Умаров 1 январь куни ҳар ойда ўзгариб турадиган ротация асосида БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги раисликни қабул қилиб олди, унинг раислигида Эрондаги кўча намойишлари ва бошқа масалалар муҳокама қилинди. Оқ уй берган баёнотга кўра, Трамп ва Назарбоев ўртасидаги суҳбатда халқаро масалалар, жумладан Афғонистондаги вазият муҳокама қилинади. Мазкур масала ой охирига қадар БМТ Хавфсизлик Кенгашида муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Бундан аввал, 9 январь куни Назарбоев Остонада АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Жорж Крол билан учрашган эди. Қозоғистон президенти маъмурияти баёнот бериб, сўнги 26 йилда икки мамлакат ўртасида қарор топган “дўстона ҳамкорлик муносабатларини” ривожлантиришга интилаётганини билдирди. Маъмурият баёнотида таъкидланишича, Назарбаев Крол билан суҳбатда терроризмга қарши курашда бундан кейин ҳам Вашингтон билан ҳамкорликка, ядро қуролларини тарқатмаслик режимини мустаҳкамлаш ҳамда савдо ва саромояларни кенгайтиришга умид билдирган.

«Қозоғистонда Америка иштирокида 500га яқин компания фаолият юритади, шундан 140 дан кўпроғини қўшма корхоналар ташкил қилади. Улар товар ишлаб чиқариш ва ўз маҳсулотларни бошқа мамлакатларга экспорт қилиш билан шуғулланади», — деди Назарбоев.

XS
SM
MD
LG