Йиғилишда Ўзбекистон Бош вазири, тегишли вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
“Интернетдан 20 миллион аҳоли фойдаланади, деб ҳисобот бергансизлар. Бироқ, миллий интернет орқали таклиф этиладиган хизматлар доираси жуда чеклангани сабабли аҳолининг аксарият қисми интернетдан фақат “Телеграм”да ёзишма учун фойдаланади холос”, деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда МДҲ давлатлари бўйича интернетнинг ўртача тезлиги бизникидан 10 марта юқорилиги қайд этилди. Алоқа операторлари чекка ҳудудларда, автомобиль ва темир йўлларга яқин ҳудудларда телекоммуникацияларни кенгайтиришга сармоя киритмаётгани таъкидланди.
Президент томонидан мутасаддиларга интернет нархини кескин арзонлаштириш, тезлигини камида 4 баробар ошириш, 2020 йилгача эса МДҲ давлатлари даражасига етказиш чора-тадбирларини кўриш бўйича зарур топшириқлар берилди.