Ссылки доступа

Эмомали Раҳмон: Тожикистон ҳеч қачон қўшниларига муаммо яратмаган


Тожикистон ҳеч қачон қўшниларига муаммо яратмаган ва ҳамиша сув ресурслари ва экология масаласида минтақа ва дунё мамлакатларининг интеграциялашувига интилган, дея баёнот берди Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Тожикистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан бўлиб ўтган учрашувда.

«Тожикистон раҳбари ва Ўзбекистон бош вазири мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларини, жумладан, савдо чекловларини бартараф этиш, икки мамлакат фуқароларининг ҳаракатларини соддалаштириш, экспорт тарифларини қисқартириш, темир йўл қатновларини тиклаш, чегара ҳудудларидаги миналаштирилган майдонларни тозалаш, чегара Назорат-ўтиш пунктларини очиш, давлат чегаралари билан боғлиқ бошқа масалаларни муҳокама қилишди», - дея хабар берди Тожикистон президентининг матбуот котиби Абдуфаттоҳ Шарифзода 10 январь куни.

Шарифзоданинг сўзларига қараганда Душанбеда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг бешинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Хабарларга кўра, Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи баҳор бошланишида амалга ошади. Бундан аввал Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти халқ депутатлари билан бўлиб ўтган учрашувда эндиликда Ўзбекистон ва Тожикистон яхши қўшничилик муносабатларини йўлга қўйишини таъкидлаган эди.

«Биз, темир йўл ва энергетика соҳасида ҳамкорликка қаратилган кўплаб шартномалар имзолаймиз. Бошқа кўплаб масалаларни муҳокама қиламиз», - деган эди Ўзбекистон раҳбари.

XS
SM
MD
LG