Ссылки доступа

МХХ ертўласидаги журналист Бобомурод Абдуллаев оиласи билан учраштирилди


Миллий хавфсизлик хизматининг (МХХ) Тошкентдаги тергов изоляторида сақланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев 10 январь куни онаси, рафиқаси ва фарзандлари билан учраштирилди.

Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовга кўра, 25 дақиқалик учрашув МХХ ходими иштирокида ўтган. Оиласи журналистнинг соғлиги яхши экани, аҳволидан шикоят қилмаганини айтмоқда.

– Биринчи бўлиб 10 минутлик учрашувга журналистнинг онасини киритишди, кейин рафиқаси, 15 яшар ўғли Алихон ва 11 яшар қизи Фаридани киритишди. Учрашувдан Бобомурод хурсанд бўлди, болалари, хотини ва онаси йиғлади, учрашув 25 минут давом этди, - деб хабар қилди Суръат Икромов.

Суръат Икромовга кўра, журналист устидан очилган жиноят иши бўйича айблов хулосаси ва тергов ҳужжатлари ҳозирча прокурорга тақдим қилинмаган. Шунингдек, қачон суд бошланади ва маҳкама қаерда ўтказилади каби саволларни ҳам МХХ ходимлари очиқ қолдирган.

44 ёшли журналист Бобомурод Абдуллаев бир қатор мустақил нашрлар¸ хусусан "Фарғона” ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилган¸ шунингдек, спорт шарҳловчиси сифатида ҳам танилган. 27 сентябрь куни таъмирга берган машинасини устахонадан олиш учун уйидан чиқиб кетганича бедарак йўқолган Абдуллаевнинг орадан бир кун ўтиб Тошкентдаги Миллий хавфсизлик хизмати изоляторида экани маълум бўлди.

Аввал хабар қилингадидек, "Абдуллаев “Ўзбекистон Халқ ҳаракати” функционери сифатида шу ҳаракат раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг кўрсатмаси билан 2011 йилдан буён Интернетда мавжуд конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган материалларни тарқатиш билан шуғулланиб келган".

XS
SM
MD
LG