Ссылки доступа

Қирғизистонда ижтимоий тармоқларни чеклаб қўйишни таклиф қилишмоқда


ҚСДП фракциясининг парламентдаги депутати Улан Примов ижтимоий тармоқларни тартибга солиш бўйича қонун лойиҳасини таклиф қилди.

Унинг сўзларига кўра, кўп фуқаролар ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларидан ахборот олаяпти ва шунинг учун уларнинг фаолият кўрсатишини тартибга солиш зарур. Депутат фойдаланувчилар кўпинча ишончсиз ахборот эълон қилишади, деб ҳисоблайди.

Бунга жавобан адлия вазирининг ўринбосари Равшан Абдуллаев интернет сайтларини тартибга солиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ҳозирги вақтда ишлаб чиқилаётгани ва тез орада жамоатчилик муҳокамасига қўйилишини хабар қилди.

Аввалроқ Қирғизистонда инсон шаънига доғ туширувчи маълумотларни оммага эълон қилганлик учун маънавий зарарнинг энг кам миқдорини белгилаш ҳақидаги таклиф баҳсларга сабаб бўлганди.

Таклиф қилинаётган ўзгаришлар ОАВ ва ижтимоий тармоқларда инсон шаъни ва қадр-қимматини поймол қилувчи ахборотга раддия эълон қилиш масалаларини тартибга солади. Масалан, раддия ҳамма кўра оладиган бўлиши зарур. Бу шаънни поймол қилувчи маълумотларни тарқатувчига раддия ва узр сўрашларни ижтимоий тармоқларда ишлатиладиган “ўзим учун” ва “дўстлар учун” мақомларида эълон қилишга имкон бермайди. Раддияни дарров ўчириб юбориш ҳам тақиқланади.

XS
SM
MD
LG