Қозоғистонинг 39 ёшли фуқаросининг ҳалок бўлгани тўғрисидаги хабарни Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Ануар Жайнақов маълум қилди. Қобул полицияси маълумотларига кўра, вафот этган 9 нафар украиналик ҳам аниқланган, уларнинг кўпчилиги Афғонистоннинг Kam Air авиакомпанияси ходимлари эди.
Афғонистондаги TOLO news янгиликлар телеканали ўз номини ошкор қилишни истамаган манбага таяниб ҳалок бўлганлар сони анча кўп эканини билдирди.
Янги ахборот технологияларига бағишланган халқаро конференция ва тўй бўлиб ўтаётган меҳмонхонага уюштирилган ҳужум учун масъулиятни “Толибон” ҳаракати ўз зиммасига олди. Ҳаракатнинг беш нафар жангариси ошхона орқали меҳмонхонага кирган ва ресторан ҳамда биринчи қават фойесида бўлганларга қарата ўқ ота бошлаган.
Якшанба куни эрта тонгда якунланган махсус амалиёт натижасида, Афғонистон ИИВ маълумотларига кўра, 150дан ортиқ кишининг, жумладан 40 нафар хорижликнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Афғонистон ИИВ баёнотига кўра, камида уч нафар жангари йўқ қилинди.
"Интерконтиненталь" – Қобулдаги хорижликлар истиқомат қиладиган меҳмонхоналардан бири саналади. Меҳмонхона давлатга қарашли бўлиб, тоғли ҳудудда жойлашган, 1969 йилдан бери фаолият юритиб келади. 2011 йилнинг январь ойида меҳмонхонага “Толибон” жангарилари ҳужум қилган эди. Ўшанда 21 киши, жумладан 9 нафар жангари вафот этган эди.