Ссылки доступа

Қирғизистонда фаоллар йўл инспекторларининг ҳаракатларини видеога туширишни тақиқлаш устидан шикоят қилишмоқчи


Safari ҳаракатининг фаоллари ҚР Бош прокуратурасига Йўл ҳаракати хавфсизлигини ташкил этиш бош бошқармаси (ЙҲХТЭББ) бошлиғининг ўринбосари Имонали Сарқулов устидан ариза ёзиш ниятида. Бу ҳақда ҳаракатнинг аъзоларидан бири Ўрозбек Бешеналиев ўз видеомурожаатида айтиб ўтди.

У Сарқуловнинг ЙҲХТЭББ инспекторлари ҳаракатларини видеокамерага тушириш тақиқланганлиги ҳақидаги гаплари Конституцияга зидлигини таъкидлади:

- Фуқаролик кодекси ҳақида гапирар экан, жаноб Сарқулов шундай видеоматериалллар тарқатишни тақиқловчи бирорта ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатдан ҳавола келтирмади. Шундай қилиб, ЙҲХТЭББ раҳбарияти ўз ходимларининг ҳуқуққа зид ҳаракатларини жамоатчиликдан яширишга уринаяпти. Биз, ўз навбатида, Конституциянинг 33-моддасидан ҳавола келтирган ҳолда, Сарқуловнинг сўзларини рад этамиз. Конституциянинг ушбу моддасида ҳар бир шахс оғзаки, ёзма ва бошқа йўл билан ахборот тарқатиш ҳуқуқига эга эканлиги таъкдланган. Фуқаролик кодексининг 19- моддасида ҳам, агар омма олдида ошкора тарзда олинган бўлса, тасвирни тарқатишга рухсат талаб этилмаслиги айтилган.Шундан келиб чиқиб, биз Сарқулов устидан Бош прокуратурага ариза ёзишга қарор қилдик.

Аввалроқ Йўл ҳаракати хавфсизлигини ташкил этиш бош бошқармаси инспекторлар тасвирга туширилган видео ва фототасвирларни тарқатувчиларни судга беришини баён қилган эди. ЙҲХТЭББ бошлиғининг ўринбосари Сарқулов фуқаролик мақомидаги шахсларни уларнинг розилигисиз фото ва видеотасвирга туширишни қонун тақиқлашини таъкидлаган эди.

Ўтган йил декабрда бош вазир Сапар Исоқов Safari фаолларини танқид қилганди. Фаоллар инспекторлар билан йўл ҳаракати қоидалари устида тортишаётган видеоёзув бунга сабаб бўлган эди. Safari ҳаракатининг фаоллари йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилгани туширилган тасвирларни Интернетда кўп эълон қилишади. Баъзи тасвирлар ходимларни жавобгарликка тортишга сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG