Ссылки доступа

Тожикистонда Давлат телерадиоси ходимлари учун турар-жой қурилишида қонун бузилишлари аниқланди


Тожикистон Ҳисоб палатаси мамлакат ҳукумати қошидаги телевидение ва радиоэшиттиришлар Қўмитаси раҳбариятини бюджет маблағларини мақсадсиз ишлатганликда айлаб чиқди.

«2015 йилда давлат бюджетидан 948 минг сомони ($100 мингдан кўпроқ) Давлат телерадио қўмитаси ходимлари учун турар-жой қуришга ажратилди. Бироқ бу маблағлар керакли мақсадлар учун ишлатилмади. Тендер натижалари ва подряд ишларини амалга ошириш мақсадида 2015 йил октябрида ажратилган маблағларнинг ҳаммаси «Жамил ЛТД» МЧЖ ҳисобига ўтказилди”, - дея хабар беради Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари Зафар Азими 22 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига қараганда, телевидение ва радиоэшиттиришлар Қўмитаси текшируви давомида умумий ҳисобда 2,7 млн. сомони зарар кўрилгани аниқланди.

Телевидение ва радиоэшиттиришлар Қўмитаси раҳбарияти Ҳисоб палатасининг баёнотини изоҳлашдан воз кечди. Бироқ қўмитанинг молия бошқармасидаги ўз исмини ошкор қилишни истамаган ходимларидан бирининг айтишича, Ҳисоб палатаси томонидан эълон қилинган маблағлар ТВ «Варзиш» (ТВ-Спорт), ТВ «Синамо» ва ОАВ Академияси жойлашган бино қурилиши учун сарфланган.У 948 минг сомони Давлат телерадиоқўмитаси ходимлари учун турар-жой биноси қурилишига ажратилганини тан олди.

«Бироқ Телерадиоқўмита раҳбарияти бу маблағларни иккита телеканал ва ОАВ Академияси жойлашган бино қуриш учун йўналтирди. Гап шундаки, бино 2015 йилда қурилиши керак эди, бироқ молиялаштиришдаги камчиликлар туфайли бинони топшириш бир неча бор ортга сурилди. Бино фойдаланишга 2016 йилга келибгина тайёр бўлди. Бироқ молиявий қийинчиликларга қарамай, Давлат телерадио қўмитаси ўз ходимлари учун турар-жой қуришда давом этмоқда», - деди суҳбатдош.

XS
SM
MD
LG