Фарғона вилоят ҳокими селектор йиғилишида 18 январь кунги Ақтўбе фожиасида ҳалок бўлган 16 нафар тошлоқликлар ҳақида кескин гапирди.
Ҳоким Тошлоқ туманидаги барчани ёшларни уйларида ушлаб қолмагани ва Фарғона вилоятини республикада шарманда қилишда айблаган. Ғаниев Ҳоким ўз айбловларини қўпол сўзлар билан ифодалаб, тошлоқликларни Ҳаж зиёратига боришдан маҳрум қилган.
- Тошлоқда бир-икки ҳароми бор! Ҳаромини ҳароми дейиш керак! Тошлоқдан биронта Ҳажга бормайди. Биронтаси Ҳажга бормайди, Ҳаж сафарига биронтаси бормайди! Тиригиям бормайди, бошқасиям бормайди! Уйланмаган йигитлар кетаверадими? Ота-онаси нима деяпти, карахтми улар? Эртага ёзса ёзаверсин, мани устимдан. Бутун республикага, вилоятни шарманда қилган! - деди у.
Ҳоким шунингдек туман расмийларини бирга юриб, Россияга кетаётганларни автобус ва такси бекатларидан овлашни буюрди ва уларни кетмасликка даъват қилишни айтди. "Буларнинг ҳаммаси машинада кетган. Поезддаям кетмаган, самолётдаям кетмаган. Ҳар бир бекат текширилади, ГАИни раҳбари одам беради, текширасизлар. Бекатда кузатилади, ўзи юки кўплигидан маълум бўлади, ким қаёққа кетаётгани, - деди ган ҳоким. - Вилоятда киракашларни ҳам топасиз, ўн мингта рўйхатда тургани бор".
Ўтган пайшанба куни Қозоғистон Ақтўбе вилоятидаги Самара-Чимкент трассасида ичида 55 киши ва икки ҳайдовчиси бўлган автобус ёниб кетди. Тошкент берган хабарга кўра, барчаси Ўзбекистон фуқароси бўлган 52 киши ҳалок бўлди, яна беш нафари енгил даражали куйиш билан омон қолган. Автобус эшиклари блоклангани учун одамлар чиқолмай қолган. Қозоғистон ИИВда фожиага "оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш" (айнан кавшар лампаси) сабаб бўлганини айтишди