"Юзлаб одамлар навбат кутиб турибди. Қозоғистон тарафи секин ўтказгани сабабли тирбандлик юзага келмоқда. 1 соатдан ошиқроқ кутдим", – деб хабар қилди ўзбекистонлик.
Аввал хабар қилинганидек, кўпчилик ўзбекистонликлар Қозоғистон бозорида товарлар сотиб олишни афзал кўришган. У ерда маҳсулотлар Ўзбекистон бозорларидан 30-40 фоизга арзонроқ.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг қўшни Қирғизистон билан чегарасида хам шунга ўхшаш вазият кузатилмоқда. Суҳбатдошларнинг бири 24 январь куни ўзбек-қирғиз чегарасида Дўстлик (Достук) участкасида фуқароларнинг узундан-узун навбатлар пайдо бўлгани ҳақида хабар қилди.
"Ўзбекистон - Қирғизистон чегарасидан суратлар юбормоқдаман. Дўстлик чегара ўтказиш пунктидаги тирбандлик. Соат саҳарги 2:30 борганлар кечки соат 5:00 га қадар ҳам Қирғизистон томонига ўта олмади. Аскарлар чегарани ёпиб қўйишган. Минглаб одамлар совуқда сарсон бўлиб, чегара остонасида туришибди. Мана шу ишлардан президентимизнинг хабарлари бормикин? Президентимиз одамларни ҳаётини яхши йўлга солиш учун, фаровонликга етказиш учун куйиб, пишиб, жон олиб, жон бериб юрган бир пайтда бу ерда одамларни совуқда қақшатишяпти. Кимдир чора кўрадими бунга? Ёки шунга ҳам президент аралашиши керакми?", - деб ёзди ўзбекистонлик.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сентябрь ойида ўзбек-қирғиз чегарасида "Дўстлик" назорат пунктининг очилиши бўлиб ўтди. Хабар қилинишича, энди икки мамлакат фуқароларига чегарани кесиб ўтиш учун қўшимча ҳужжатлар шарт эмас.