Ссылки доступа

Тожикистонда таниқли актрисанинг ўлимида айбдор бўлган шифокорлар судланди

Хўжанд шаҳар суди томонидан Сўғд вилояти силга қарши кураш Марказининг икки нафар ходими инсон ҳалокатига сабаб бўлган совуққонликда айбланиб ҳар бири уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Пайшанба куни Хўжандда вилоят силга қарши кураш Марказининг шифокори Ҳотам Отамбоев ва лаборант Меҳри Юсупова устидан суд жараёни якунланди. Айнан уларнинг айби билан Камол Хўжандий номли вилоят драма театрининг актрисаси ва бош балетмейстри Саодат Саломова вафот этган эди.

Шифокорлар инсоннинг ўлимига сабаб бўлган совуққонликда айбланди. Маҳкумлар жазони қўриқчилари бўлмаган колонияда ўтайди. Театр ва кинонинг таниқли актрисаси Сайрам Исаеванинг қизи, Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Саодат Саломова ўтган йилнинг 1 апрель куни Силга қарши кураш марказида мияга қон қуйилиши туфайли вафот этган эди. У 50 ёшда эди.

Шифокорлар консилиуми Саодат Саломова ташхис нотўғри қўйилгани туфайли вафот этган деган хулосага келди. “Ўтган йилнинг 19 март куни у оғир аҳволда Хўжанд шаҳар шифохонасига олиб келинди. Вилоят силга қарши кураш Маркази Саодат Саломова марказий асаб тизими ва мия сили билан оғриган деган хулосага келган», - дейди Саломовлар оиласининг адвокати Дилафруз Самадова.

Унинг айтишича, кейинчалик биологик экспертиза қўйилган ташхис бошқа бир беморга тегишли эканини исботлади.

Бундан аввал Сўғд вилоят силга қарши кураш Маркази раҳбари Даврон Мадаминов шифокорлар актрисанинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида қўлдан келган барча ишни қилганларини айтган эди. «Саодат Саломованинг аҳволи оғир эди. Марказ шифокорлари қўлларидан келган ишни қилишди. Биз етакчи мутахассисларни чақирдик, уларнинг тавсиясига амал қилдик. Минг афсуски, қутқариб қолишнинг иложи бўлмади».

XS
SM
MD
LG