Қарорга кўра, бугунги кунда республикада тез тиббий ёрдам самарадорлиги ҳали белгиланган талабларга жавоб бермайди. Тез тиббий ёрдам бригадаларини дори препаратлари ва тиббий буюмлар, шунингдек ихтисослашган ускуналар билан таъминлаш даражаси пастлигича қолмоқда. Беморларнинг яқинлари дорихоналардан ўз ҳисобига дориларни олишга мажбур бўлмоқда.
Тез ёрдам машиналарининг беморлар ёнига ўз вақтида келмаслиги билан боғлиқ муаммо ҳам ҳалигача ҳал қилинмаган.
Янги ҳужжат тиббиёт ташкилотларига ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли ҳолатда бўлган шахсларга шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ёрдам беришдан бош тортишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, тизимнинг ўзи ҳам жиддий ўзгартирилади. Тошкент тез тиббий ёрдам станцияси ва Шошилинч тиббий ёрдам республика илмий марказининг минтақа филилаллари станциялари асосида бутун республика ҳудуди бўйича шошилинч тез ёрдам чақириш телефон рақамли ягона диспетчерлик Сall-центрлар яратилади.
Молиявий масала ҳам четда қолмаган – 2018 йил 1 февралдан бошлаб, тез ёрдам машиналари ҳайдовчилари санитар лавозими бўлмаганда, беморларни ташиш бўйича қўшимча қўйилган вазифаларни бажарганлиги учун тариф ставкасининг 30% миқдорида қўшимча иш ҳақи оладилар.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистондаги шошилинч тиббий ёрдам тизими Шошилинч тиббий ёрдам республика илмий маркази ва унинг минақавий филиаллари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларидаги бўлинмалари, тез тиббий ёрдам станциялари ва санитария авиациясини ўз ичига олган.