Яқинларининг врачларга таяниб айтишича, 22 январь оқшомида 100 дона димедрол ва 10 дона энам таблеткаларини ичиб заҳарлангани аниқланган.
Абдураҳимнинг ҳаётини Андижон вилоят Тез тиббий ёрдам хизмати шифокорлари қутқариб қолишга муваффақ бўлган, бироқ йигит ҳозирга келиб шол бўлиб қолган ва ўсал ётибди.
Акаси Абдурашид Саттаровнинг иддао қилишича, тергов пайтида укаси терговчи Ғайратбек Исманов ва яна бир исми номаълум терговчи томонидан "руҳий босимга учрагандан кейин" ўз жонига қасд қилган.
Андижон шаҳар ИИБ терговчиси Ғайратбек Исманов бу иддаони рад этди.
"Бизда ҳеч бир қонунда тазйиқ ўтказиш келтириб ўтилмагану. Бу болага бирор тазйиқ ўтказилмаган, бошқа қилинмаган. Агар тазйиқ, ҳақорат бўладиган бўлса, бу ерда инсоннинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўладию, тўғрими? Президентимиз ҳам айтаяпти-ку. Бировнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қиладиган нимада эмасмиз-ку биз", - деди Ғайратбек Исманов.
Яқинлари сўзлари ва ўзи ёзиб қолдирган мактубдан англашилишича, 2017 йил май ойида оила қурган Абдураҳим Саттаров тўйдан кейин моддий аҳволи қийинлашиб қолади ва андижонлик бир шахсдан дастлаб 700 доллар ва сўнгра яна 11 миллион сўм қарз олади.
Ўзини ўлдиришга уринишидан олдин Абдураҳим Саттаров Ўзбекистон президенти номига ёзиб қолдирган мактубдан маълум бўлишича, 22 январда Андижон шаҳар Ички Ишлар бошқармаси терговчиси Ғайратбек Исманов Абдураҳимга қўнғироқ қилади ва унга устидан шикоят тушгани ва фирибгарлик айблови билан тергов-суриштирув ишлари бошланганини билдиради.
Абдураҳим Саттаровнинг ўз жонига қасд қилишга уриниши юзасидан Андижон вилояти прокуратураси тергов-суриштирув ишларини бошлаган.