Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов хотирасига мақбара мажмуаси очилди, Қарши шаҳрида эса Ислом Каримов ҳайкали очилди.
Маҳаллий ОАВларга кўра, бутун мамлакат бўйлаб юбилей тадбирлари ўтказилиб, Ислом Каримов хотирланди.
Юбилей тадбирларида Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова иштирок этгани хабар қилинди. Бироқ Каримовнинг қизлари ва неваралари юбилей тадбирларида иштирок этмади.
Каримовнинг кенжа қизи, айни пайтда АҚШда яшаётган Лола Каримова-Тиллаева "баъзи сабабларга кўра" марҳум отасининг юбилейига келмагани ҳақида ёзди.
“Баъзи сабабларга кўра биз ҳозир Самарқандда эмасмиз. Аммо биламизки, сиз, ўзингизнинг янги гўзал масканингиз, севимли она шаҳрингиз бағрида, ўз халқингиз - ўз фарзандларингиз, сизни севган ва севгучи инсонларни кутаяпсиз”, дея ёзди Лола Каримова-Тиллаева Фейсбук саҳифасида.
Каримовнинг тўнғичи Гулнора Каримова эса қамоқ жазосини ўтаяпти. Бош прокуратура маълумотига кўра, Гулнора Каримовага нисбатан янги айбловлар ҳам илгари сурилган.
Марҳум президентнинг тўнғич невараси 25 яшар Ислом Каримов эса юбилей арафасида Британия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўради.